Нурота табиати ўзига хос.
Тоғлар, сойлар, бепоён адирлар, кўллар – табиатнинг энг нодир “санъат намуналари” шу ҳудудда жамулжам. Шулардан бири Фозилмон кўли. Бу кўлни “Сентобкўл” деб ҳам аташади. Тоғлар орасидаги мазкур табиат инъоми денгиз сатҳидан 1644 метр баландликда жойлашган.
Суви чучук. Кўлнинг узунлиги 300 метр, эни эса 50 метрни ташкил этади. Чуқурлиги 1,5 метргача боради. Ушбу кўл фақатгина булоқ ҳамда мавсумий ёмғир ва қор сувлари билан тўлади. Кўлнинг флора-фауна олами хилма-хил бўлиб, ҳаёт тарзи ёввойилашган от, кулранг ғоз, юмронқозиқ, кўл бақаси ҳамда ширмоҳи балиқлардан иборат. Бу ердан учиб ўтувчи қушлар учун мазкур кенг майдон қишлашга жуда қулай. Шу боис қиш ойларида бу ерда турли ёввойи қушларни ҳам учратиш мумкин. Қиш-қировли кунларда кўл юзаси қалин муз билан қопланади. Баҳор келиши билан ўт-ўланлар униб чиқиб, атрофни ям-яшил гилам қоплайди. Сув ўтлари ўсиб чиқиб, кўлнинг зумрад жозибаси яна ўзгача қиёфа касб этади. Ёзнинг иссиқ кунларида эса кўлнинг сув сатҳи бироз пасаяди. Фозилмон кўлига Сентобсой орқали фақатгина пиёда ёки эшакда (отнинг юриши қийин) бориш мумкин, холос. Эрталаб йўлга чиққан киши тушгача етиб бора олади. Яна шунча йўл босиб ортга қайтиш мумкин. Бу дегани, Фозилмонни кўриш учун камида бир кун керак. Сентобликларнинг айтишича, Фозилмон кўлига қадар қирқта тоғ ва қирқта жарликдан ўтиш керак. Албатта, йўл машаққати оғир. Аммо табиатнинг мўъжизасини кўриб, асл гўзалликдан баҳра олсангиз, вужудингизни эгаллаган чарчоқ сизни бир зумда тарк этади. Қай бир фаслда борманг, Фозилмон сизни ўзгача бир шукуҳ, гўзаллик, сирлилик билан қарши олади.