Ерда қушлар йўқ бўлиб кетса, экологик фалокат юз беради. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Ботаника боғида “1 апрель Халқаро қушлар куни”га бағишлаб ўтказилган тадбирда айтиб ўтилди, дея хабар бермоқда “Дарё” мухбири.
Тадбирда табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон очиқ сув ҳавзаларида қишлайдиган сув қушларининг сонини аниқлаш ва уларни муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш бўйича лойиҳа амалга оширилаётганини маълум қилди.
“2022 йилда лойиҳа доирасида тадқиқотлар олиб борилиб, Республикамизнинг 49 та очиқ сув ҳавзаларида 111 турдаги қушлар мавжудлиги аниқланган. Шулардан 24 тури Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган. Қушларнинг умумий сони 597 минг 272 бошни ташкил этади. Мамлакатимиз орнитофаунасида жами 22 туркумга оид 478 та тур вакиллари учраб туради”, – дейди Азиз Абдуҳакимов.
Маълумотларга кўра, ҳозирда қушларни муҳофаза қилиш масаласи долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб улгурган. Дунёда 10 мингга яқин қуш турларидан 1 минг 200 дан ортиғи ёки қушларнинг ҳар саккизинчи тури Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг “Қизил рўйхати”га киритилган.
Орнитологларнинг огоҳлантиришича, агар ерда қушлар йўқ бўлиб кетса, экологик фалокат юз беради. Яъни ўсимликларни чанглатиш ва ҳашоратлар кўпайишининг олдини олиш борасида янги муаммолар юзага келади. Бугун шаҳарсозлик жараёнининг жадаллашиши натижасида миллионлаб дарахтлар кесиб ташланмоқда. Оқибатда қушлар макон қурадиган “маскан”лар сони камайиб, уларнинг йўқолиб кетиш хавфи ортмоқда.
Алоҳида таъкидланишича, мамлакатда дарахт кесишга мораторий жорий этилган бўлса-да, 2020-2022 йиллар оралиғида 22 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесиб ташланган.